Сайт тест режимида ишга туширилган

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИНВЕСТОРЛАР УЮШМАСИ

Тошкентда халқаро инвестиция форуми бўлиб ўтади

2024 йилнинг 2-3 май кунлари учинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми (TXIF-III) бўлиб ўтади.

TXIF - бу нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақа учун муҳим тадбир ҳисобланади. Анъанага мувофиқ, унинг дастурига давлат раҳбари даражасидаги ялпи мажлис, турли масалалар муҳокамасига бағишланган экспертларнинг 50 дан ортиқ учрашувлари, жумладан панель мунозаралари, давра суҳбатлари ва B2B музокаралари киритилган.

Форумнинг ҳар бир иштирокчиси ҳамкорлар билан манфаатлар кесишадиган нуқталарини топиши, муайян инвестиция лойҳаларини ўрганиши, ўнлаб йўналишларда рўй бераётган сўнгги тенденцияларни муҳокама қилиши ва истиқболли таклифларни қабул қилиши мумкин бўлади.

Форум кун тартибида дунёдаги иқтисодий турбулентлик фонида барқарор ўсиш суръатларини намойиш этаётган, босқичма-босқич Марказий Осиёнинг ҳақиқий инвестиция марказига айланиб бораётган Ўзбекистоннинг салоҳиятини намоён этиш алоҳида ўрин тутади. Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, тадбиркорлик фаолияти учун яратилган қулай шароитлар, жумладан, салмоқли имтиёз ва преференциялар, инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатланган ҳимояси инвесторларнинг қизиқишини оширмоқда.

Форум миқёси ва географияси йилдан-йилга ошиб бормоқда. Таққошлаш учун:

 - TXIF-2022 (биринчи форум) форумига 56 давлатдан 2 мингдан ортиқ йирик инвесторлар ва юқори мартабали меҳмонлар ташриф буюришди.  

 - TXIF-2023 эса ўз майдинида 70 мамлакатдан 2500 иштирокчини жамлади. Форум натижаларга кўра, 11 миллиард долларлик 164 ҳужжат имзоланди.

2024 йилда Тошкент дунёнинг барча қитъаларидан янада кўпроқ меҳмонлар – инвесторлар, расмийлар ва таҳлилчиларни қабул қилиши кутилмоқда.


Манба: https://uzreport.news/economy/toshkentda-hal-aro-investitsiya-forumi-bulib-utadi